Қонунчилик палатасида “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур тадбирда Спорт вазири Адҳам Икрамов ва МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қатнашиб, соҳадаги долзарб масалаларни бартараф этишга қаратилган чораларни белгилашда иштирок этишди. Мазкур қонун лойиҳаси билан аҳолини спортга жалб қилиш ва оммавий спорт тадбирларини тизимли ўтказиб бориш, спорт турларини эътироф этиш ва уларнинг реестрини юритиш тартибини такомиллаштириш, спорт мусобақалари натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатиш ва коррупциянинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш чоралари белгиланмоқда. Шунингдек, унда Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталарининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари, Паралимпия, Сурдлимпия, Махсус Олимпия, Кўзи ожизлар спорти ҳаракати, антидопингга доир масалалар қонун даражасида белгилаб қўйилмоқда. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.