16 Декабр 2025
112
2026 йилда Ўзбекистон медиа футбол лигасининг илк мавсуми ўтказилади
Бугун Ўзбекистон медиа футбол лигасининг (United MFL) дастлабки мавсумига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Тадбирда Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти иштирок этиб, мамлакат спортида илк бор амалга оширилаётган ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ташаббус ҳамюртларимиз орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, шунингдек, футболга бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади. Конференция давомида бўлажак мусобақа ҳақида батафсил маълумот берилди.
Режага кўра, чемпионат 2026 йилнинг 1 март куни старт олиб, 14 июнига қадар давом этади. Унда 16 жамоа иштирок этади. Шу билан бирга, келгусида United MFL доирасида кубок беллашувларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.