5 Феврал 2026 1009

Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

Сенат ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. Ушбу Қонун билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат томонидан қўллаб-қувватланиши аниқ белгилаб берилмоқда.

Қонунга мувофиқ, жисмоний тарбия ва спорт субъектлари қаторига Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва паралимпия қўмиталари киритилмоқда. Уларнинг қўшимча ваколатлари белгиланмоқда.

Қонунда паралимпия, сурдлимпия, махсус олимпия ва кўзи ожизлар спорти ҳаракатларига доир нормалар, спорт федерациялари, клублари ва лигаларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда фаолият юритиш тартиби, уларни реестрга киритиш ва чиқариш мезонлари мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, Қонунда мураббий, спорт ҳаками ва спорт агентининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланмоқда.

Бундан ташқари, спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тартиби, спорт мусобақалари натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатишга қарши курашиш тўғрисидаги янги нормалар киритилмоқда.

Қонунда аҳолини оммавий спортга жалб қилиш ва оммавий спорт тадбирларини тизимли ўтказиб боришга эътибор қаратилган. Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонун соҳани янада ривожлантиришга, жисмоний тарбия ва спортга оид муносабатларни тизимли ташкил этишга хизмат қилади.

Сенаторлар мазкур Қонунни маъқуллади.

Text to speech