Японияда ООК Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди
Нагоя шаҳрида Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ижроия қўмитасининг 110-йиғилиши ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон делегацияси номидан ООК вице-президенти, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этишди.
Йиғилишни ООК президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний очиб берди. Унда Осиёда спортни янада ривожлантириш, ОСАнинг янги ташаббуслари ҳамда яқинлашиб келаётган йирик спорт тадбирларига тайёргарлик масалаларига асосий эътибор қаратилди.
Шунингдек, йиғилишда Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёни алоҳида муҳокама қилинди. Ўйинлар ташкилий қўмитаси раҳбари миллий Олимпия қўмиталари вакилларини қутлаб, Япониянинг мусобақаларни юқори савияда ўтказишга тайёрлигини таъкидлади.
Қисқа фурсат ичида Нагоя Осиёнинг энг кучли спортчиларини ўз бағрига олади. Бугунги йиғилиш эса Аичи-Нагоя-2026 олдидан якуний тайёргарлик жараёнининг муҳим босқичларидан бири бўлди.