Тошкентда 6-Халқаро қиличбозлик конгресси ўз ишини бошлади
Пойтахтимизда 6-Халқаро қиличбозлик конгресси бошланди. Дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан 150 нафардан зиёд делегатни ўзида жамлаган нуфузли тадбирда қиличбозлик спортининг бугунги ҳолати, истиқболлари ва глобал ривожланишига оид муҳим масалалар муҳокама қилинмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE), Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, шунингдек, FIEнинг минтақавий конфедерациялари раҳбарияти ва масъул вакиллари иштирок этишди.
Конгресс доирасида қиличбозликни халқаро миқёсда янада ривожлантириш, спортчилар учун мусобақа ва тайёргарлик шароитларини такомиллаштириш, ҳакамлик тизими, мураббийлар тайёрлаш, ёшлар ўртасида қиличбозликни оммалаштириш ҳамда халқаро спорт ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган қатор масалалар муҳокама қилинади.
Шунингдек, тадбир давомида келаси йил пойтахтимизда ўтказилиши режалаштирилган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилиши белгиланган.
Конгресс давомида иштирокчилар томонидан билдириладиган таклиф ва ташаббуслар келгусида қиличбозлик спортининг тараққиёти, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги авлод спортчиларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши кутилмоқда.