МОҚда федерациялар масъуллари билан ишчи йиғилиш бўлиб ўтди
Бугун Миллий Олимпия қўмитасида Спорт вазирлиги, федерация ва ассоциациялар масъуллари билан терма жамоаларни жорий йил ташкил этиладиган комплекс турнирлари, қолаверса, оммавий спорт мусобақаларга тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди. Расмийлар бу йил Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинлари, Дакар-2026 ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари, Риёд-2026 Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари каби мусобақалар кутиб тургани, спортчиларимизни уларга пухта тайёрлаб, Президентимиз ва халқимизнинг ишончини оқлаш зарурлигини таъкидлашди.
Шунингдек, жорий йил ўтказиладиган “Халқаро Олимпия” кунига тайёргарлик кўриш, оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш, халқаро ва маҳаллий мусобақаларнинг очилиш ва ёпилиш, тақдирлаш маросимларини йўлга қўйишда протокол масалаларига қатъий риоя қилиш мавзулари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш давомида ҳар бир федерация масъуллари билан терма жамоаларнинг таркиби, уларни тайёрлаш дастури бўйича суҳбатлашиб, керакли тавсия ва кўрсатмалар берилди.