РСТИАМ ва Foro Italico университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази мутахассислари Халқаро спорт тиббиёти федерацияси президенти (FIMS), профессор Фабио Пигоццининг таклифига биноан Италиянинг Рим шаҳрида ўтаётган “Спортда профилактик соғлиқни сақлаш: Италия модели — жорий амалиёт ва келажак истиқболлари” мавсузидаги халқаро симпозиумда иштирок этмоқда. Тадбир доирасида FIMS президенти Фабио Пигоцци билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида Фабио Пигоцци мамлакатимизда спорт ва спорт тиббиёти соҳасига қаратилаётган эътиборни юқори баҳолаб, РСТИАМ вакилларини сўнгги йилларда ўзбек спортининг халқаро майдонларда эришаётган ютуқлари билан табриклади. Шунингдек, у футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасига жаҳон чемпионатида омад тилади.
Учрашувда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Камол Сирожитдинов жорий йилнинг 7 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар хусусида гапириб, улар юзасидан ўз таклифларини билдирди. Жумладан, спорт тиббиёти, диетология, фармакология ва психологияси йўналишларида FIFA ҳамда FIMSнинг асосий ҳамкорларидан бири бўлган Foro Italico университети билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
Учрашув якунида Foro Italico университети ҳамда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.