24 Январ 2026 308

World Aquatics Ижроия қўмитаси аъзолари “Олимпия шаҳарчаси”га ташриф буюришди

Жорий йилнинг октябрь ойида Тошкент сузиш бўйича Жаҳон кубоги босқичларидан бирини қабул қилади. Айни пайтда пойтахтимизда бўлиб турган Бутунжаҳон сузиш федерацияси (World Aquatics) Ижроия қўмитаси бўлажак мусобақа ўтказиладиган “Олимпия шаҳарчаси”даги сув спорти саройига ташриф буюрди.

Меҳмонларни Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг ҳамда Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, World Aquatics Ижроия қўмитаси Бюросининг аъзоси Шаҳноза Мирзиёева қарши олди.

Шунингдек, делегацияга Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари, Касаба уюшмалари ҳамда Uzbekistan Aquatics федерациялари раҳбарияти ҳамроҳлик қилиб, объект ҳақида батафсил маълумот беришди. Барча замонавий талабларга жавоб берадиган иншоот хорижлик мутахассисларда илиқ таассурот қолдирди.

Uzbekistan Aquatics федерацияси раиси Қудратилла Рафиков юртимизда сув спорти турларини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. World Aquatics раҳбари Ҳусайн ал-Мусаллам мазкур ташаббуслар ҳақида ўзининг илиқ фикрларини билдирди.

Тадбир давомида World Aquatics федерациясининг мамлакатимиздаги минтақавий маркази фаолият бошлагани маълум қилинди.

Экспертлар ушбу бунёдкорлик лойиҳасининг имкониятини юқори баҳолаб, арена ҳар қандай нуфузли мусобақаларни қабул қилишга қодир эканини алоҳида таъкидлашди.

Расмийлар ташриф давомида меҳмонларга Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Text to speech