Баҳодир Махситов Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раислигига қайта сайланди
Бугун Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлар кенгашининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда ташкилотнинг ўтган даврдаги фаолияти атрофлича таҳлил қилиниб, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тингланди ҳамда ташкилот раҳбарлигига сайлов ўтказилди.
Тадбирда Спорт вазирлиги, МОҚ, «Нуроний» жамғармаси ҳамда фахрийлар кенгаши мутасаддилари иштирок этиб, сўнгги беш йил давомида амалга оширилган лойиҳалар, ҳудудлардаги ташкилий ишлар ва фахрий спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўриб чиқилди. Раислик лавозимига ўтказилган сайловда амалдаги раҳбар Баҳодир Махситов номзоди бир овоздан қўллаб-қувватланди ва у янги муддатга ташкилот раиси этиб сайланди.
Баҳодир Махситович ўз нутқида билдирилган юксак ишонч учун миннатдорлик билдириб, келгусида кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш, ҳудудлардаги ишларни тизимли равишда кучайтириш ҳамда спорт фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.