Спорт ташкилотларининг раҳбарияти бир даврада жам бўлишди
Риёд-2025 VI Ислом бирдамлиги ўйинларига ташриф буюрган Ўзбекистон делегацияси раҳбарияти мусобақа доирасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор нуфузли спорт ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси (ISSA) Президенти, Саудия Арабистони Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбари Шаҳзода Абдулазиз бин Турки ал Файсал, қолаверса, Бутунжаҳон таэквондо WТ федерацияси Президенти Чунг Вон Чои, Халқаро оғир атлетика федерацияси Президенти Муҳаммад Жалуд, World Boxing Президенти Борис ван дер Ворст, Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) ва Қатар Олимпия қўмитаси вице-президенти Тани ибн Абдулраҳмон Ал Қувари, Африка Олимпия қўмиталари Президенти Мустафа Берраф, Осиё дзюдо федерацияси Президенти Обайд Ал Анзи, ISSAга аъзо МОҚларнинг мутасадди раҳбарлари, Халқаро Олимпия қўмитаси аъзолари ва бошқа кўплаб ташкилотлар мутасаддилари билан кечган учрашувлар шулар жумласидан.
Мулоқотлар давомида спорт соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда халқаро миқёсдаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувлар самимий руҳда ўтиб, томонлар ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш истагини билдиришди.



















