Ўзбек футболининг забардаст ўғлони Тўлаган Исоқов вафот этди
Ўзбек футболининг фидойи вакили, тажрибали мутахассис, Ўзбекистон футбол ассоциацияси фахрийлар кенгаши раиси, ЎФА Ижроия қўмитаси ва Мураббийлар кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Тўлаган Исоқов ҳаётдан кўз юмди. У бутун умрини футболга бағишлаб, бу йўлда ўзининг садоқати ва меҳнатсеварлиги билан эл ҳурматини қозонган эди.
Тўлаган Исоқов 1949 йил таваллуд топган. «Пахтакор» жамоаси сафида узоқ йиллар давомида муваффақиятли ўйин намойиш этган. Мураббий сифатида бир неча клубларда ҳам самарали фаолият юритди. Унинг тажрибаси ва футболга бўлган меҳр-муҳаббати ёш авлод учун ибрат бўлиб хизмат қилди.
У сўнгги йилларда футбол фахрийлари кенгашига раҳбарлик қилиб, ёш футболчиларнинг маънавий камолотига муносиб ҳисса қўшди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари ҳамда футбол жамоатчилигига чуқур таъзия билдиради.
