Кун дайжести: Бугун Ўзбекистон ва Уругвай ўйнайди, дзюдочиларимиздан 16 та медаль, оғир атлетика бўйича ЖЧда ТОП-5 дамиз
Бугун Ўзбекистон ва Уругвай жамоалари ўйнайди
Бугун футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Малайзияда Уругвайга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади. Мелака шаҳридаги “Ҳанг Жебат” стадионида ташкил этиладиган баҳс Тошкент вақти билан 17:45 да старт олади.
Дзюдочиларимиз Оқтоудаги халқаро турнирда 16 та медаль жамғаришди
Қозоғистоннинг Оқтоу шаҳрида дзюдо бўйича халқаро мусобақа ўтказилди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин, 3 та кумуш ва 8 та бронза медалларини жамғаришга муваффақ бўлди. Ушбу натижа билан дзюдочиларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритишди.
Жўраев ва Нурудиновнинг медаллари билан жаҳон чемпионатида кучли бешликдан жой олдик
Норвегиянинг Фёрде шаҳрида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Мусобақада икки нафар спортчи билан иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси икки кураш ҳисобидаги натижалар бўйича 1 та олтин ва 1 та бронза медаллар билан бешинчи, алоҳида машқлар бўйича эса 3 та олтин ҳамда 2 та бронза медаллари билан еттинчи натижани қайд этди.


