Кун дайжести: Дзюдочиларимиздан муваффақиятли старт, икки ҳамюртимиз ФИE эътирофида, Албанияда таэквондочиларимиздан ёрқин натижа
Ёш дзюдочиларимиз жаҳон чемпионатини 2 та медаль билан бошлашди
Перу пойтахти Лима шаҳрида дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг дастлабки куни ортда қолди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 2 та бронза медалига сазовор бўлди. -60 кг вазн тоифасидаги йигитлар баҳсида Самариддин Қўчқоров, қизлар ўртасидаги -48 кг вазн тоифасида эса Лазиза Ҳайдарова шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилишди.
Дилором Турдиқулова ва Гулистан Пердибаева FIE томонидан эътироф этилди
Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) йил якунлари бўйича энг яхшиларни маълум қилди. Қувонарлиси, улар орасида 2 нафар ҳамюртимизни учратиш мумкин. Ҳакамлик борасида улкан ютуқларга эришиб бораётган Дилором Турдиқулова шпага йўналишида айни пайтдаги энг яхши 3 ҳакамдан бири сифатида эътироф этилди. Шунингдек, сабля бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон рейтинги пешқадами, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Гулистан Пердибаева мазкур йўналишда энг яхши спортчи сифатида қайд этилди.
Таэквондочиларимиз “Albania Open” турнирида 15 та медаль қўлга киритишди
Тирана шаҳрида таэквондо WТ бўйича “Albania Open” мусобақаси ўтказилди. G1 тоифасидаги мусобақада иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 10 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза, жами 15 та медалга сазовор бўлди. Шубҳасиз, ушбу натижа билан спортчиларимиз умумжамоа ҳисобида энг яхши натижани қайд этишди. Мазкур турнирдаги иштирок орқали жамоамизнинг жаҳон чемпионати олдидан тайёргарлиги кўздан кечириб олинди.
Волейболчи қизларимиз халқаро турнирда кумуш медални қўлга киритишди
Пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида волейбол бўйича “CAVA Women’s Volleyball Championship 2025” турнири ўтказилди. Минтақадаги энг кучли аёллар терма жамоалари ўртасидаги турнир финалида Ўзбекистон ва Эрон жамоалари олтин медаллар учун кураш олиб боришди. Беллашувда меҳмонларнинг қўли баланди келди ва ҳамюртларимиз кумуш медаллар билан тақдирланишди.




