19 Август 2025 1070

Олимпия шаҳарчаси имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда амалга оширилаётган йирик бунёдкорлик лойиҳаларидан бири – Олимпия шаҳарчасига ташриф буюриб, у ерда барпо этилган замонавий спорт иншоотлари билан танишди.

Бугун эса давлат раҳбари томонидан мазкур ташриф доирасида берилган топшириқлар ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Учрашув Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдурахманов раҳбарлигида ўтказилиб, унда Спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, спорт федерациялари мутасаддилари, мажмуа қурилишига масъул Хитойнинг “САМСЕ” компанияси вакиллари иштирок этди.

Суҳбатда ўзбек спортини янги босқичга олиб чиқишда Олимпия шаҳарчаси имкониятларидан унумли фойдаланиш, нуфузли халқаро мусобақаларни ташкил этиш, шунингдек, Аичи–Нагоя–2026 ёзги Осиё ва Лос-Анжелес–2028 ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш доирасида терма жамоаларимиз учун етакчи давлатлар иштирокида халқаро ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, шаҳарчага кўчириладиган ташкилотларнинг жойлашуви каби масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, спорт инфратузилмасини тўлиқ ишга солиш ва терма жамоалар тайёргарлигини янги босқичга кўтариш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Text to speech