12 Август 2025 594

Германиялик шифокор юртимиздаги спорт тиббиётининг ривожи билан танишди


Шу кунларда спорт тиббиёти соҳасида катта тажрибага эга бўлган германиялик мутахассис Симон Бросседер Тошкентда меҳмон бўлиб турибди. Шифокор ташрифи давомида юртимизда спорт тиббиётининг ривожи, шунингдек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда унинг қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) фаолияти билан танишиб чиқди.

Германиялик мутахассис ташрифи давомида Спорт вазири Адҳам Икрамов билан учрашди. Томонлар суҳбат давомида Ўзбекистон ва Германия спорт тиббиётидаги ўзига хосликлар хусусида фикр алмашишди. Қайд этиш жоиз, жаноб Бросседер пойтахтимизда қурилаётган Олимпия шаҳарчасида ҳам бўлиб, у ердаги Давлат спорт тиббиёти ва илмий-амалий маркази ҳақидаги режалар билан танишди.

РСТИАМ директори Камол Сирожитдинов европалик меҳмонга ташкилотнинг асосий йўналишлари, спортчилар соғлиғини мустаҳкамлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, МОҚ ва РСТИАМ ходимлари билан учрашувда спорт тиббиётидаги илғор тажрибалар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.

Шунингдек, германиялик мутахассис Ўзбекистон футбол ассоциациясида бўлди. Учрашувда терма жамоа тиббиёт штаби вакиллари ҳам қатнашиб, футболчиларнинг тикланиши, уларнинг саломатлигини назорат қилиш борасида фикр алмашилди.

Text to speech