4 Август 2025 680

Кун дайжести

Грецияда спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати якунланди
Грециянинг Афина шаҳрида спорт курашлари бўйича U17 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионати ниҳоясига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида эркин курашчиларимиз Улуғбек Рашидов (-51 кг) кумуш, Миржалол Мукаммилов (-45 кг) эса бронза медалини қўлга киритишди. Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси уч йўналишда жами 5 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалларини жамғарди.

Енгил атлетикачиларимиз Қозоғистондаги мусобақада муваффақиятли қатнашишди
Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида енгил атлетика бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди. Бутунжаҳон енгил атлетика федерациясининг (World athletics) тақвимидан ўрин олган бронза даражадаги мусобақада 14 мамлакатдан ташриф буюрган спортчилар ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Хусусан, Ўзбекистон терма жамоаси асосий таркиб билан иштирок этиб, 7 та олтин, 6 та кумуш ва 6 та бронза медалларини қўлга киритди.

Cингапурда сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионати ниҳоясига етди
Цингапур мезбонлик қилган сув спорти турлари бўйича дунё биринчилиги якунланди. 200 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этган мусобақада Хитой 15 та олтин, 12 та кумуш ва 10 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, кучли учликдан Австралия (13-7-8) ва АҚШ (10-11-11) жамоалари ўрин эгаллаган.

Осиё Олимпия кенгаши Президентлигига номзод маълум
Хабар берганимиздек, келаси йилнинг 26 январь куни Тошкент Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) Бош Ассамблеясига мезбонлик қилади. Унинг кун тартибидаги асосий масалалардан бири ташкилотга янги раҳбар сайлаш ҳисобланади. «Insidethegames» нашрининг маълум қилишича, Миллий Олимпия қўмиталари ассоциацияси биринчи вице-президенти, Қатар Олимпия қўмитаси Президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний ушбу сайловда ягона номзод сифатида эътироф этилган.

Text to speech