Шаҳноза Мирзиёева World Aquatics Ижроия қўмитаси бюроси аъзолигига сайланди
Сингапурда сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионати доирасида Бутунжаҳон сузиш федерациясининг (World Aquatics) навбатдаги Конгресси бўлиб ўтди. Унда сув спорти турларининг глобал миқёсда ривожланиши, ташкилот фаолиятининг янада самарали йўлга қўйилиши ҳамда унинг бошқарув тизимини такомиллаштиришга доир масалалар муҳокама қилинди.
Мазкур Конгресс доирасида муҳим қарорлар қабул қилиниб, World Aquatics Ижроия қўмитаси бюросининг янги таркиби шакллантирилди. Қувонарлиси, Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ушбу нуфузли тузилма аъзолигига сайланди.
Бу сайлов нафақат ўзбекистонлик мутахассисларнинг халқаро ташкилотлардаги нуфузини оширишга хизмат қилади, балки мамлакатимизда сузиш ҳавзаларини барпо этиш ҳамда сув спорти тизимини ёшлардан бошлаб самарали йўлга қўйишга ҳам катта ҳисса қўшади.






