28 Июль 2025 768

Кун дайжести:

Талаба спортчиларимиз Универсиада ўйинларида 13-ўринни эгаллашди
Германия бўйлаб ўтказилган Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинлари ўз якунига етди. Маълум қилганимиздек, унда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси 4 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза медалларини жамғарди. Ушбу натижа билан делегациямиз умумжамоа ҳисобида ўн учинчи, Осиё мамлакатлари орасида бешинчи, Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи ўринни эгаллади.

Ёш байдарка ва каноэчиларимиз жаҳон чемпионатини 3 та медаль билан тугатишди
Португалияда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича U18 ва U23 ёш тоифаларидаги жаҳон чемпионати якунланди. Кеча каноэчиларимиз М.Комилов ҳамда Ш.Шерзодова (U23) 5000 метрга кечган микст дастурида кумуш, Д.Рафикова, З.Казакова, Ш.Шерзодова ҳамда Х.Эркинова (U23) 500 метр масофага кечган квартет баҳсларида бронза медалларини қўлга киритишди. Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мусобақани 2 та кумуш ва 1 та бронза медаллари билан якунлади.

Ўсмир таэквондочиларимиз Осиё чемпионатини 4 та медаль билан бошлашди
Малайзиянинг Кучинг шаҳрида ўтаётган таэквондо WТ бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг илк куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли ўтди. Унда ҳамюртларимиз 2 тадан олтин ва бронза медалларига сазовор бўлишди. Олтин медалларга Никита Бибиков (-65 кг) ва Райхона Асанбоева (-41 кг) эга чиққан бўлса, Амир Салиев (-41 кг) ҳамда Шаҳзода Камолова (+59 кг) бронза медали билан тақдирланишди.

Text to speech