18 Июнь 2025 1258

Бекободдаги спорт муассасаларининг фаолияти ўрганилди

Спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти ҳудудлардаги инфратузилмаларни ўрганишда давом этади. Бугун расмийлар Тошкент вилояти Бекобод туманига ташриф буюришди.

Мутасаддилар Бекобод туман спорт мактаби, сўнг Марказий футбол ўйингоҳи, «Гулистон» МФЙда жойлашган сузиш ҳавзаси, сув спорти турларига ихтисослашган спорт мактабининг эшкак эшиш базасида бўлиб, у ерда ёшларга яратилган шароитларни ўрганишди.

Шунингдек, 39-сон умумтаълим мактабида аҳоли мурожаати асосида қурилган “Универсал спорт мактаби”нинг тантанали очилиш маросимида иштирок этишди. Қолаверса, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича “Долзарб 90 кунлик” доирасида ташкил қилинаётган спорт мусобақаларини кўздан кечиришди. Ташриф доирасида спорт муассасаларига замований инвентарлар ҳам топширилди.

Расмийлар ҳар бир муассасанинг фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, мутахассислар малакасини ошириш борасида ўз тавсияларини беришди.

Text to speech