8 Май 2025 1873

«Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларига рамзий старт берилди


Бугун Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Талабалар фестивали» доирасида «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларига рамзий старт бериш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдурахманов, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Спорт вазирликлари, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарияти иштирок этди.

Расмийлар тадбирнинг очилиш маросимида Президентимиз томонидан мамлакатимиз аҳолиси ўртасида соғлом турмуш тарзини янада кучайтириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини кўрсатиб бораётгани ҳақида тўхталиб ўтишди.

Таъкидлаш жоиз, май ойи юртимиздаги олий таълим муассасалари учун алоҳида аҳамият касб этмоқда. «Спорт ойлиги» доирасида ташкил этилаётган оммавий спорт тадбирлари талаба ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, шунингдек, улар орасидан иқтидор эгаларини саралаб олиш имкониятини ҳам тақдим этмоқда.

Text to speech