7 Май 2025 1840

Тошкентда кураш ривожининг долзарб муаммолари мавзусида халқаро конференция бошланди

Бугун пойтахтимизда миллий курашимизнинг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мавзусига қаратилган “Кураш спортини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

Тадбир курашнинг глобал ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш, уни оммалаштириш, Осиё ўйинларидаги ўрнини мустаҳкамлаш ва ушбу спорт туридаги илмий ёндашувларни ривожлантириш каби устувор вазифаларни қамраб олган.

Конференцияда Халқаро кураш ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, мамлакат кураш федерацияси раҳбарияти, шунингдек, Халқаро кураш институти ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети олимлари ва мутахассислари иштирок этмоқда.

Тадбир доирасида курашни Олимпия спорт турлари қаторига киритиш йўлидаги қадамлар, ёшлар ўртасида ушбу спортни кенг тарғиб этиш, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда машғулот жараёнларини такомиллаштириш каби қатор долзарб масалалар муҳокама қилиняпти.

Text to speech