21 Апрель 2025 1991

Қаҳрамон футболчиларимиз тантанали кутиб олинди

Саудия Арабистони майдонларида ўтган футбол бўйича U17 Осиё кубогида мардонавор иштирок этиб, чемпионликни қўлга киритган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси диёримизга қайтиб келди.

Тантанали кутиб олиш маросими Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси департамент раҳбари Одил Абдурахманов, Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, мамлакат футбол ассоциацияси раҳбарияти, шунингдек, футболчиларимизнинг яқинлари, мухлислар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Расмийлар йигитларимизнинг бутун мусобақадаги ёрқин ўйинлари, айниқса, мезбонларга қарши финал баҳсидаги иродали ғалабаларини алоҳида эътироф этиб, уларнинг келгуси фаолиятида ҳам мана шундай шижоат ва куч-ғайрат тиладилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг терма жамоа аъзоларига йўллаган табриги, мусобақа ғолиблари ва унинг иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисидаги Фармони ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг терма жамоа аъзоларига Президент совғаси – автомобиллар топширилди. Унга кўра, футболчиларимизга «Cobalt», бош мураббийга эса «Equinox» машиналарининг калитлари тантанали тақдим этилди.

Text to speech