Ўқ отиш спорти базаси реконструкциядан кейин фойдаланишга топширилди
Тадбирда Мудофаа вазирлиги, Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди. Реконструкциядан сўнг спорт объекти халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган ҳолатга келтирилди.
Хусусан, ёритиш тизими 500 люксдан юқори даражадаги ёруғликни таъминлайди. Бу эса профессионал спортчилар учун юқори сифатли машғулот ва мусобақалар ўтказиш имконини яратади.
Янги инвентар ва жиҳозлар Халқаро ўқ отиш спорти федерацияси талабларига мос равишда янгиланди. Бу эса спортчиларимиз учун халқаро ареналарда муносиб қатнашиш ва Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинларига лицензия олиш йўлида муҳим қадам бўлади.
Маросим давомида расмийлар мазкур база юртимиз мерганлари салоҳиятини ошириш, уларни жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларига тайёрлашда муҳим ўрин тутади, дея таъкидлашди.














