МОҚ раҳбарияти Андижондаги спорт инфратузилмасининг бугунги ҳолати ва ундаги ўзгаришларни ўрганди
Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти Андижон вилоятига ташриф буюриб, ҳудуддаги спорт инфратузилмаси ва туманларда жойлашган бир қатор спорт объектлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф доирасида мутасаддилар Асака тумани ва Андижон шаҳрида жойлашган қиличбозлик заллари, “Бобур Арена” стадиони, вилоят футбол академияси ҳамда ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактабини кўздан кечиришди. Ушбу муассасаларда яратилган шарт-шароитлар ва уларнинг самарадорлиги атрофлича ўрганилди.
Сафар давомида тренерлар ва ёш спортчилар билан суҳбат ташкил этилди. Унда аниқланган камчиликлар ва мавжуд имкониятлар таҳлил қилиниб, қатор муҳим таклифлар илгари сурилди.
Жумладан, ёшлар учун янги заллар қуриш, “Бобур Арена” майдонини енгил атлетика турлари учун мос замонавий қоплама билан жиҳозлаш, чим устидаги хоккей майдонининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.



















