Қорақалпоғистон Республикасида янги форматдаги селекцион мусобақага ҳозирлик жараёни ўрганилди
Яқин давр ичида юртимизда “Дивизион спорт мусобақалари” йўлга қўйилиши кутилаётгани ҳақида маълум қилган эдик. Ўзбекистон МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ бу гал Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, туман ва шаҳарларда олиб борилаётган ҳозирлик ишлари билан танишишди.
Дастлаб соҳа вакиллари билан йиғилиш ўтказилиб, 2025 йил режалари, мусобақаларни ўтказиш борасидаги имкониятлар кўриб чиқилди. Шундан сўнг ҳудудлардаги спорт заллари ва муассасалар фаолияти кўздан кечирилди. Ишчи гуруҳ сафар давомида дзюдо, бокс залларида бўлиб, у ерда шуғулланаётган ёшларнинг машғулотларини кузатди ва натижадорликни ошириш бўйича керакли тавсияларни берди.
Таъкидлаш жоизки, “Дивизион спорт мусобақалари” селекцион ҳарактерга эга бўлиб, Республикамизнинг барча ҳудудларида спорт мактаблари ва хусусий клублар миқёсида ўтказилиши кутилмоқда. Беллашувларга старт берилгунга қадар Спорт вазирлиги, МОҚ, федерацияларнинг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда жойлардаги тайёргарлик ҳолати ўрганиб чиқилади.