Ру En O'z
21 Январь 2025 453

МОҚ раҳбарияти селекцион мусобақаларга тайёргарликни кўздан кечирмоқда

Юртимизда иқтидорли ёшларни селекция қилиш, терма жамоаларга кучли захира спортчиларини тайёрлаш мақсадида янги тизим жорий этилмоқда. “Дивизион спорт мусобақалари” номи остида ташкил қилинадиган мазкур лойиҳа Республиканинг барча ҳудудларини қамраб олиши кўзда тутилган. МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ушбу мусобақаларга тайёргарликни ўрганиш мақсадида Хоразм вилоятида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Даставвал, вилоят спорт бошқармаси мутасаддилари, федерацияларнинг ҳудудий вакиллари ва тренерлар билан видеоселектор йиғилиши ташкил этилди. Суҳбат давомида 2025 йил амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар, селекцион мусобақалар концепцияси бўйича фикр алмашилди. Шундан сўнг спорт муассасаларининг фаолияти ва шароитлари ўрганилди.

Ишчи гуруҳ аввал Урганч Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, сўнг дзюдо, бокс ва таэквондо залларида бўлди. Шунингдек, Урганч ва Хива шаҳарлари, Тупроққалъа ҳамда Ҳазорасп туманларидаги спорт клублари фаолияти ҳам ўрганилди. Сафар давомида объектларнинг моддий-техник базаси, ўқувчиларнинг машғулот жадваллари батафсил кўздан кечирилиб, керакли тавсиялар берилди. Режага кўра, ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасига ҳам ташриф буюриши кўзда тутилган.

Text to speech