Ру En O'z
20 Январь 2025 612

Бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати олдидан матбуот анжумани ўтказилди

Маълум қилганимиздек, эртага пойтахтимиздаги Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази (РОПСТТМ)да бокс бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати старт олади. Бугун Миллий Олимпия қўмитасида “Battles of the champions” номи остида ўтказиладиган мазкур мусобақа олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда федерация бош котиби Шоҳид Тиллабоев, терма жамоа бош мураббийи Тўлқин Қиличев ҳамда аёллар жамоаси мураббийи Элшод Расулов иштирок этишди.

Даставвал, Ш.Тиллабоев мусобақа ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди. Унга кўра, мазкур чемпионат 2024 йил ҳисобидан ўтказилмоқда. Мутахассис буни 2024 йилда кўпроқ эътибор Олимпия ўйинларига пухта ҳозирлик кўришга қаратилгани, йил якунида эса катталар ўртасидаги Осиё чемпионати ташкил этилгани боис асосий ва захира таркиб билан мазкур қитъа биринчилигига тайёргарлик кўрилгани билан ифодалади.

Шунингдек, у таркибнинг IBA ва World Boxing шафеълигидаги мусобақаларга бўлиниши ҳақидаги масалага ҳам ойдинлик киритиб ўтди. Унга кўра, Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан IBA таснифидаги турнирларда қатнашмаслик бўйича расмий тақиқ қўйилмагани боис боксчиларимиз ҳозирча ҳар икки ташкилот томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этишлари мумкин.

Терма жамоа бош мураббийи бу гал Париж-2024 чемпионлари Республика биринчилигида жанг қилмаслиги, шундай бўлса ҳам ички рақобат жуда кучли экани, ҳар бир баҳс шиддатли ва муросасиз руҳда ўтиши ҳақида тўхталиб ўтди. Ўз навбатида, Элшод Расулов мусобақада қатнашувчи боксчи қизлар сони ҳар йилгидан сезиларли даражада ошганини таъкидлади.

Анжуман давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган бошқа саволларига атрофлича жавоб олишди. Шунингдек, кун давомида мусобақа техник қўмитасининг йиғилиши ва қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 21-26 январь куни баҳслар РОПСТТМда ташкил этилса, 27-28 январь санасидаги якуний жанглар “Зўр ТВ” телеканалининг “Ренессанс холл” саройида бўлиб ўтади.

Text to speech