Соҳа мутахассислари антидопинг бўйича ўз билимларини оширишди
Антидопинг спорт соҳасида ҳамиша энг долзарб мавзулардан бири бўлиб келган. Шу боис мутахассисларнинг бу борадаги билимларини ошириб бориш, уларни энг сўнгги ўзгаришлардан хабардор қилиб туриш муҳим саналади. Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги томонидан 2025 йил учун ишлаб чиқилган ўқув режаси асосида “Антидопинг таълимоти” мавзусида семинар ўтказилди. Уч кун давом этган тадбирда федерация ва ассоциацияларда фаолият олиб бораётган соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Семинарнинг биринчи кунида Бутунжаҳон антидопинг кодексидаги спорт федерацияларининг роли ва мажбуриятлари, қоидабузарлик турлари, тест топшириш жараёни, ADEL платформаси ва Миллий антидопинг агентлиги билан ҳамкорликда ишга туширилган talim-uznada.uz платформасидан фойдаланиш бўйича маълумот берилди. Иккинчи ва учинчи кун ADAMS тизимидан тўғри фойдаланиш ва бунда юзага келадиган хатоликлар, талаб этиладиган маълумотларни тўғри тўлдириш каби мавзуларда маърузалар қилинди.
Семинар давомида 30 га яқин федерациялар масъуллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Якунда иштирокчиларга сертификатлар топширилди.