Ру En O'z
18 Июнь 2021 1815

Украиналик машҳур спорт шифокори билан терма жамоаларимизнинг Олимпиадага тиббий тайёргарлиги текширилмоқда

Терма жамоаларимизни Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлашда хорижий давлатлар тажрибаси ва замонавий методикадан кенг фойдаланиш бўйича бир қатор давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Аввал маълум қилганимиздек, бу борада украиналик таниқли шифокор Вячеслав Попов жамоаларимиз билан биргаликда фаолият олиб боради.

Украина футбол, бокс, байдарка ва каноэ каби терма жамоаларида ишлаган мазкур мутахассис Токио-2020 Олимпиадасигача терма жамоаларимиз билан ҳамкорлик қилади. Илгари ушбу шифокор билан онлайн консультация олиб борилган бўлса, бугун амалий ишлар бошланди. Чирчиқ шаҳрида ўтган тадбирда оғир атлетикачиларимизнинг ҳолати таҳлил қилинди.

Учрашувда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, терма жамоамиз мураббийлар штаби ва спортчилар жам бўлишди. Қайд этиш жоиз, терма жамоамиз бир неча кундан сўнг Токио-2020 Олимпиадасига тайёргарликнинг сўнгги босқичини ўташ учун Украинага йўл олади. Бугунги таҳлил мазкур сафар олдидан атлетларимизнинг ҳолатини кўздан кечиришда муҳим аҳамият касб этди.

Унда етакчи атлетларимиздан турли таҳлиллар олиниб, уларга берилаётган юкламалар, машғулотдан олдин ва кейин организмларидаги ўзгариш, мушакларнинг ҳолати атрофлича ўрганиб чиқилди. Мутахассислар хулоса ўрнида мураббийлар томонидан олиб борилаётган машғулотлар тизими тўғри йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлашди.

Айтиб ўтганимиздек, бу оғир атлетикачиларимиз билан ўтказилган дастлабки чуқурлаштирилган таҳлил бўлди. Олдинда бокс, спорт курашлари ва бошқа бир қатор терма жамоаларимиз билан ҳам шундай дастурлар ўтказилиши режалаштирилган.

Text to speech