Ру En O'z
18 Июнь 2021 2009

Ўзбекистон кикбокс бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши мумкин

Сўнгги пайтларда мамлакатимиз бир қатор спорт турлари бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқда. Яқин йиллар орасида мазкур турнирлар орасига кикбокс ҳам қўшилиши мумкин.

Бу масалани МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Жаҳон кикбокс ташкилоти вице-президенти Салим Кайичи билан учрашувда муҳокама қилди. Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон кикбокс федерацияси раиси Ойбек Карметов ҳам иштирок этди. Суҳбат давомида мамлакатимизда ушбу спорт турини янада ривожлантириш, федерациялар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

МОҚ раҳбари туркиялик меҳмонга Президентимиз бошчилигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, соғлом турмуш тарзи тарғиботи хусусида гапириб берди. Ўз навбатида, Салим Кайичи айни пайтда пойтахтимизда ўтаётган кикбокс бўйича халқаро мусобақанинг юқори савияда ўтаётгани, бундай ташкилотчилик билан Ўзбекистоннинг катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини қабул қилиши мумкинлигини айтиб ўтди. Рустам Шоабдураҳмонов ушбу фикрни қўллаб-қувватлади ва МОҚ бу борада ҳамкорликда ишлашга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ҳар икки мамлакат раҳбарларининг олиб бораётган дўстона алоқаларини спорт соҳасида давом эттиришдан миннатдор эканлигини таъкидлаб, эсдалик учун совға алмашишди.

Text to speech