Ру En O'z
19 Апрель 2024 108

Икки ўзбек қиличбози жаҳон чемпионатининг финалида олтин медаль учун беллашди

Саудия Арабистони мезбонлик қилаётган қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг навбатдаги куни Ўзбекистон терма жамоаси учун юқори нотада тугади. Ўсмирлар тоифасида қатнашган саблячиларимиз бугунги баҳсларни биттадан олтин, кумуш ва бронза медаллари билан якунлашди.

Қайд этиш жоиз, йигитлар ўртасидаги финалда икки нафар ҳамюртимиз Сардор Абдукаримбеков ва Алпамис Уракбаев чемпионлик учун жанг қилишди. Ўзига хос “ўзбекча дуэль”да Сардор 15:14 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа Абдукаримбеков олтин, Уракбаев эса кумуш медалга сазовор бўлди.

Қизлар ўртасида кечган баҳсларда эса ярим финалгача етиб борган Наргиза Жаксибаева бронза медали билан тақдирланди. Аҳамиятлиси, Жаксибаева ўтган йили Болгарияда ўтган дунё биринчилигида ҳам шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган эди.

Text to speech