Ру En O'z
5 Апрель 2024 414

Ойбек Касимов Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан янги лойиҳалар бўйича фикр алмашди

Бугун Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Леонид Маринич Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Уни Бош котиб Ойбек Касимов кутиб олди. Самимий руҳда ўтган учрашувда мамлакатлар ўртасидаги икки томонламана алоқаларни спорт соҳаси орқали янада мустаҳкамлаш мавзуси муҳокама қилинди.

О.Касимов Ўзбекистон МОҚ Беларусь Олимпия қўмитаси билан дўстона алоқаларни йўлга қўйгани, хусусан, ҳар икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолангани ҳақида маълум қилди. Ўз навбатида, Ойбек Омилович Минск шаҳридаги спорт тиббиётига ихтисослаштирилган тиббиёт маркази ҳақида илиқ фикрларини билдирди. Шунингдек, у Тошкентда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчаси ичида қурилиши кўзда тутилган янги тиббиёт марказининг фаолиятини йўлга қўйишда Беларусь тажрибасидан ҳам фойдаланиш режаси борлигини маълум қилди.

Ўз ўрнида, элчи жаноблари ўзбек спортининг сўнгги йилларда эришаётган ютуқлари ҳақида гапириб ўтди. Хусусан, 2023 йил Беларусда ўтган II МДҲ ўйинларида делегациямизнинг Россия ва мезбонлардан кейин учинчи ўринни эгаллаганини алоҳида эътироф этди. Леонид Маринич ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш йўлида Ўзбекистон делегациясини жорий йил Беларусда ўтадиган халқаро мусобақаларда иштирок этишга таклиф қилди.

МОҚ Бош котиби Л.Мариничнинг таклифини қўллаб-қувватлаб, ўсиб келаётган ёш спортчиларнинг маҳоратларини ошириш йўлида халқаро турнирлар муҳим аҳамият касб этишини билдирди. Учрашув давомида шу ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашилди.

Text to speech