Ру En O'z
15 Март 2024 444

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги янги жамоа “Олимпик Мобиуз” Пролигадаги иштирокини бошламоқда

Айни кунларда футбол бўйича Ўзбекистон Пролигасида биринчи тур учрашувлари ўтказилмоқда. Биз учун аҳамиятлиси, бугун МОҚ қошида ташкил этилган яна бир жамоа “Олимпик Мобиуз” иштирокини бошлайди.

2021 йил Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари учун йўлга қўйилган “Олимпик” лойиҳаси бир қатор ютуқларга эришди. Тимур Кападзе бошқарувидаги клуб бир мавсумнинг ўзида Суперлига йўлланмасини қўлга киритиб, кўплаб ёш иқтидорларни кашф қилиб берди. Асоси ушбу клуб футболчиларидан ташкил топган Ўзбекистон U23 терма жамоаси 2022 йил Тошкентда ўтган Осиё кубогида финалгача етиб борди. Яна бир неча ҳафтадан кейин Қатар майдонларида Париж-2024 йўлланмалари учун учун баҳс олиб боради. Айни ушбу тажрибанинг давоми сифатида Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинлари йўлида “Олимпик Мобиуз” жамоаси тузилди.

Клуб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-115-сон Қарори ижросини таъминлаш, хусусан, Париж-2024 ва Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўрадиган жамоаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.

Жамоа асосини 2005-2007 йилларда туғилган ёш футболчилар ташкил қилади. Бошқарув Ўзбекистон U20 терма жамоасининг бош мураббийи Фарҳод Нишоновга топширилди.

“Олимпик Мобиуз” илк учрашувини бугун ўз майдонида “Хоразм”га қарши ўтказади. Дарвоқе, ушбу жамоамиз уй учрашувларини “Дўстлик” стадионида ўтказади. Янги мавсумда ёш жамоамизга омад тилаймиз!

Text to speech