Ру En O'z
1 Ноябрь 2023 1965

Ўзбекистон футбол ассоциацияси қитъамизда энг яхши деб топилди

Қатар пойтахти Доха шаҳрида Осиё футбол конфедерациясининг (ОФК) “AFC Annual Awards” йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Қувонарлиси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси “Йилнинг энг яхши футбол ассоциацияси” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.

Қайд этиш жоиз, ўтган давр мобайнида мамлакатимиз қитъа миқёсидаги турли тадбирларга юқори савияда мезбонлик қилди. ОФК билан Юртимизда футбол ривожи борасида кўплаб лойиҳаларни амалга оширди. Хусусан, тарихда илк бор U-23 ва U-20 Осиё чемпионатлари, шунингдек, ОФКга аъзо ассоциациялар президентлари ва Бош котиблари конференцияси мамлакатимизда ўтказилди. Қитъа миқёсидаги турли саралаш баҳслари, клублар ўртасидаги турнирлар, аёллар футболи, CAFA мусобақаларида ЎФА фаоллик кўрсатди. Ушбу саъй-ҳаракатлар ОФК томонидан муносиб эътироф этилди.

Совринни МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов қабул қилиб олди. Қайд этиш жоиз, мазкур номинацияда ЎФА Эрон футбол федерацияси ва Япония футбол ассоциацияларини ортда қолдиришга эришди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва унинг аҳил жамоасини ушбу соврин билан самимий қутлайди.

Text to speech