Ру En O'z
19 Май 2021 1748

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Паралимпия оиласи вакилларини самимий қутлайди

Жорий йилнинг 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини имзоладилар. Мазкур қарор юртимизда Паралимпия спортини янги босқичга олиб чиқиш йўлида катта аҳамиятга эга. Унинг қабул қилиниши юртимиз аҳолисининг ҳар бир қатламига қаратилаётган эътибор, айниқса, ҳукуматимиз томонидан имконияти чекланган фуқароларимизнинг спортга бўлган қизиқишларини инобатга олган ҳолда уларга барча шароитларни яратиб бериш йўлида жуда муҳим қадамдир.

2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XV Паралимпия ўйинларида делегациямиз 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза, жами 31 та медаль қўлга киритиб, оламшумул натижа қайд этди. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимизда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спортга бўлган қизиқишларини янада оширди.

Ишонамизки, мазкур қарор билан юртимизда Паралимпия спорт турлари билан шуғулланувчилар сони кўпаяди ва спорт турларининг географияси янада кенгайиб, юртимиз аҳолисининг саломатлиги мустаҳкамланади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясига Қўмита даражасининг берилиши муносабати билан барча Паралимпия ҳаракати иштирокчиларини самимий муборакбод этиб, юртимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботи йўлидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Президентимиз барпо этаётган Янги Ўзбекистон ривожига муносиб ҳисса қўшиш йўлида куч-ғайрат, сиҳат-саломатлик ва улкан муваффақиятлар тилаб қолади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси жамоаси

Text to speech