Ру En O'z
19 Май 2021 1882

Улар Токиога боришади: Фарғоналик Халқаро тоифадаги спорт устаси Расулжон Абдураҳимов

“Улар Токиога боришади” рукни остида бўлажак Олимпия ўйинларига йўлланма олган атлетларимиз билан таништиришда давом этамиз. Бугун спорт гимнастикаси бўйича Токио-2020 лицензиати Расулжон Абдураҳимов ҳақида гаплашамиз.

Расулжон Шуҳрат ўғли Абдураҳимов 1996 йил 3 октябрь куни Фарғонада туғилган. 7 ёшидан спорт гимнастикаси билан шуғулланади. Биринчи мураббийи Одилжон Сулаймонов. Халқаро тоифадаги спорт устаси.

Спортчимиз 2006 йил Республика Олимпия захиралари коллежига қабул қилинди ва 3 йил ичида терма жамоага жалб этилди. 2015 йилдан то ҳозиргача терма жамоа катта мураббийи Руслан Иргашев қўл остида шуғулланмоқда.

2012 йилдан халқаро мусобақаларда иштирок этиб, ўз маҳоратини ошириб бормоқда. Мамлакат чемпионати ва бир нечта халқаро мусобақаларда кўп карра ғолиб ва совриндор бўлган.

2014 йил Жанубий Корея, 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилган. 2019 йил Мўғулистон пойтахтида ўтган Осиё чемпионатининг кўпкураш йўналишида 81.733 балл жамғариб, Халқаро тоифадаги спорт устаси талабини бажарди.

2019 йил Германияда ўтган лицензион жаҳон чемпионатидаги иштироки орқали Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олган ва ҳозирда унга қизғин тайёргарлик олиб бормоқда.

Text to speech