Ру En O'z
18 Май 2021 2046

МОҚ раҳбари Осиё чемпионатига жўнаб кетаётган боксчиларимизга омад тилади

Эртага бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатида иштирок этиш учун БААга жўнаб кетади. Бугун МОҚ раҳбарияти боксчиларимизга омад тилаш учун Ўзбекистон бокс федерациясида жам бўлишди.

Кузатиш тадбирида МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, федерация мутасаддилари, терма жамоамиз мураббийлари ва спортчилар иштирок этишди. МОҚ раҳбари боксчиларимиз билан суҳбатлашар экан, уларга ўзининг илиқ тилакларини йўллаб қолди.

“Мухлисларимиз қатори бутун дунё Сизларнинг иштирокингиздаги жангларни томоша қилиш ниятида турибди. Бўлажак мусобақада яна бир бор ўзбек боксининг қитъамизда қанчалик кучли эканини кўрсатиб келишингизга ишонамиз. Бу Токио-2020 Олимпиадаси олдидан халқимиз учун қувончли дамларнинг бир қисми бўлсин. Ўз ғалабаларингиз билан Президентимиз ва мухлисларимизни хурсанд қилинг”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионати 21-31 май кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бўлажак мусобақада ҳамюртларимизга омад тилайди.

Text to speech