Ру En O'z
17 Май 2021 1817

МОҚ раҳбарияти байдарка ва каноэчиларимизга омад тилади

Бугун байдарка ва каноэ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги лицензион турнирда иштирок этиш учун Россия Федерациясининг Барнаул шаҳрига жўнаб кетди. Жаҳон кубоги босқичи билан бир вақтда ўтадиган ушбу турнирда мазкур спорт тури бўйича Токио-2020 Олимпиадаси учун сўнгги йўлланмалар ўз эгасини топади. Сафар олдидан МОҚ раҳбарияти терма жамоамиз мураббийлари билан онлайн суҳбатлашди.

ZOOM платформасида ўтган учрашувда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов, терма жамоа мураббийлари Рустам Мирзадиёров ва Акбар Самеджанов иштирок этишди. МОҚ раиси мураббийлардан ушбу масъулиятли мусобақа олдидан терма жамоамиз вакилларининг тайёргарлиги, спортчиларимизнинг кайфияти ҳақида сўрар экан, уларга фақат ва фақат омад тилаб қолди.

 

Лицензион турнир 20-21 май, Жаҳон кубоги эса 21-23 май кунлари бўлиб ўтади. Регламентга кўра, лицензион турнирда фақат биринчи ўринни эгаллаган спортчиларгина Токио-2020 лицензияларига эга бўлишади. Жамоамиз ушбу мусобақаларга қуйидаги таркибда йўл олди:

К1 200: Екатерина Шубина
К1 200: Денис Онуфриев
К1 500: Арина Танатмишева
К1 1000: Шахриёр Махкамов
С1 200: Гулбаҳор Файзиева
С1 1000: Сухнатилло Иногамов
С2 500: Дилноза Рахматова ва Нилуфар Зокирова

Таъкидлаш жоиз, Жаҳон кубоги аллақачон Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритган Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова учун Олимпиададан аввалги тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.

Text to speech