Абдураҳмон Абдуллаев Чехиядаги турнирда кумуш медални қўлга киритди
От спортининг конкур йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Чехиянинг Прага шаҳрида ташкил этилган Praga Cup 2023 мусобақасида иштирок этди. Жамоавий йўналишда Париж-2024 Олимпия ўйинлари йўлланмалари ўйналган мазкур турнирда Абдураҳмон Абдуллаев совриндорлар қаторида жой олди.
Юртдошимиз баландлиги 150 смни ташкил этган тўсиқлардан сакраш дастурида иккинчи натижани қайд этиб, кумуш медаль билан тақдирланди. Беллашув давомида Абдуллаевга “Go Four it B” лақабли тулпори ҳамроҳлик қилди.
Мусобақанинг асосий йўналишида терма жамоалар 160 см баландликдаги тўсиқлардан сакраш дастурида Париж-2024 йўлланмалари учун баҳс олиб бордилар. Унда юртдошларимиз тўққизинчи натижани қайд этишди. Олимпиада лицензиялари эса Исроил ҳамда Польша жамоаларига насиб этди.