Ру En O'z
5 Июль 2023 884

Наманган вилоятида ёшлар учун яратилган шароитлар Республика ишчи гуруҳи нигоҳида

Айни кунларда ҳудудларда ёшлар билан ишлаш ва спорт соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш бўйича Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбариятидан иборат Республика ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, мутасаддилар юртимизнинг барча вилоятларида мазкур йўналиш бўйича ҳолатни ўрганиб чиқишмоқда. МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманган вилоятида бўлиб турибди.

Даставвал, вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси раҳбарияти мавзу бўйича ҳудудларда олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Шундан сўнг ишчи гуруҳ Поп, Давлатобод, Янги Наманган, Чуст туманлари ва Наманган шаҳрига бориб, у ерлардаги спорт мактаблари ва объектларнинг фаолиятини ўрганди. Поп туманида қурилаётган 2-БЎСМ мутасаддиларнинг эътиборини жалб этди. 5000 метр квадрат майдонни эгаллайдиган ушбу масканда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилади.

Шерзод Рихсибаевич барча туманлардаги спорт мактабларининг фаолияти билан танишар экан, иш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча топшириқлар берди. Шунингдек, Муроджон Аҳмадалиев, Адҳамжон Эргашев каби жаҳон ареналарида улкан ютуқларга эришган наманганлик спортчиларни вилоят ёшлари учун намуна қилиб кўрсатиш, улардаги ватанпарварлик руҳини кучайтириш хусусида алоҳида тўхталди.

Text to speech