Ру En O'z
27 Май 2023 1014

“Ёшлар спортни танлайди” шиори юзлаб соғлом турмуш тарафдорларини бирлаштирди

Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “LUKOIL Uzbekistan Operating Co” МЧЖ ҳамкорлигида “Ёшлар спортни танлайди” шиори остида катта спорт байрами бўлиб ўтди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, компания бош директорининг ўринбосари Вадим Кузьмин, РОПСТТМ раҳбарияти, ўзбек спортининг таниқли юлдузлари, спорт фахрийлари, юзлаб спортсевар ёшлар иштирок этишди. 

Тадбир аввалида сўз олган Адҳам Икрамов Юртбошимиз бошчилигида Олимпия ва Паралимпия спорт турлари, қолаверса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталди. Шунингдек, вазир бу каби тадбирлар аҳолининг турли қатлами орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кучайтиришда муҳим роль ўйнаши ҳақида гапирди.  

Яна бир аҳамиятли томони, ушбу тадбир ёш таэквондочилар учун қўшалоқ байрамга уланиб кетди. Мутасаддилар ташриф давомида марказ ҳудудида капитал таъмирдан чиққан таэквондо залининг очилиш маросимида иштирок этишди. Расмийлар бу каби шинам ва қулай заллар келгусида янги чемпионларни кашф этишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди. 

Шундан сўнг ўзбек спорти жамоатчилиги вакиллари ва “LUKOIL Uzbekistan Operating Co” МЧЖ ишчи ходимлари ўртасида мини-футбол ўйини ўтказилди. Шунингдек, шинамгина майдонда таэквондо, кураш, дзюдо, бокс, камондан отиш, стол тенниси, гимнастика бурчаклари ташкил этилиб, ёш спортчилар йиғилганлар учун ўз маҳоратларини кўрсатишди. Тадбир сўнгида ёш спортчиларимиз учун эстрадамиз юлдузлари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Text to speech