Ру En O'z
6 Май 2021 1857

Токио-2020: Делегациямизни коронавирусга қарши эмлаш бошланди

Бугун Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган делегациямиз вакилларини коронавирусга қарши эмлаш жараёни бошланди. Тадбирни пара-сузиш бўйича терма жамоамиз вакиллари бошлаб беришди.

Жараён МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Равшан Ирматов, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Тошхўжаев, РСТИАМ раҳбарияти, пара-сузиш бўйича терма жамоамиз вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Даставвал терма жамоанинг 11 нафар вакилидан қон таҳлиллари олиниб, уларнинг организми эмлаш учун қай даражада тайёрлиги кўздан кечирилди. Таҳлилий натижалар якунига кўра, 3 нафар спортчи ва 2 мураббийда эмлаш жараёни амалга оширилди. Бу борада мураббий Равшан Алимов делегациямиз аъзолари орасида вакцина қабул қилган илк инсон бўлди. Терма жамоамиз вакиллари ўз навбатида ҳукуматимиз ва шахсан давлатимиз раҳбарининг атлетларимиз саломатлиги ҳақида қайғураётганидан миннатдор эканликларини айтиб ўтишди.

Таъкидлаш жоиз, делегациямизни эмлаш жараёнида “Спутник V” вакцинасидан фойдаланилмоқда. Йўриқномга кўра, вакцина 21 кун оралиғида 2 компонентда қабул қилинади.

Режа бўйича делегация аъзоларини эмлаш 1 июнга қадар давом этади ва бу жараённи бокс бўйича терма жамоамиз вакиллари якунлаб беришади. Умумий ҳисобда 250 нафар вакилни эмлаш кўзда тутилган.

Шундан сўнг МОҚ раҳбарияти федерацияларнинг спорт шифокорлари билан учрашиб, эмлаш жараёнига тайёргарлик, спортчиларимизнинг саломатлигига янада катта эътибор қаратиш бўйича суҳбатлашишди.

Text to speech