Ру En O'z
6 Май 2021 2388

Ўзбекистон бокс федерацияси Навоий вилояти бўлимига янги раис тайинланди

Яхши биласиз, Ўзбекистон бокс федерацияси сўнгги пайтларда вилоят бўлимлари ишини такомиллаштириш, ҳудудларда бокс ривожини кучайтириш масаласида қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бу борада бугунги кунгача бир неча ҳудудий бўлимларга янги раислар тайинланди. Ана шундай ўзгаришлардан бири Навоий вилоятида бўлди. Бугун вилоят марказида Ўзбекистон бокс федерацияси Навоий вилояти бўлимининг навбатдан ташқари ҳисобот конференцияси ташкил этилди.

Унда МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари ҳам иштирок этишди. Кун тартибидан ўрин олган асосий масала вилоят бўлимига янги раис тайинлашдан иборат эди.

Ўзбекистон бокс федерацияси уставининг 5-бандига биноан федерация раҳбариятининг тавсиясига асосан бир неча йиллар давомида Навоий вилоятининг турли ташкилотларига раҳбарлик қилиб келган, соҳада катта меҳнат тажрибасига эга бўлган Сардор Абдуқодирович Ғаффоров Навоий вилояти бўлими раиси этиб тайинланди.

Йиғилиш давомида федерация раҳбарияти томонидан вилоят бўлимида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди. Ўз навбатида, Сардор Ғаффоров билдирилган ишончни оқлашга, Навоий вилояти боксини янги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қилишини таъкидлади.

Тадбир давомида Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан кўп йиллик меҳнати ва вилоятда бокс ривожига қўшган ҳиссаси учун мураббийлар Александр Петров ва Тўлқин Маҳамматовга эҳтиром кўрсатилди.

Text to speech