Ру En O'z
29 Март 2023 1049

Навбаҳор Ҳамидова: “Бир кун келиб, боксчи қизларимиз ҳам йигитларимиз каби жаҳонда пешқадам бўлишади”

Куни кеча Ҳиндистон пойтахтида ўтган бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Навбаҳор Ҳамидова (-66 кг) бронза медалини қўлга киритди. Ушбу натижа мамлакатимизда аёллар бокси ривожи юксалишда давом этаётганини яна бир карра кўрсатди. Қуйида спортчимиз билан мусобақа таассуротлари, янги режалар ҳақида ташкил қилган кичик суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

– Жаҳон чемпионатидаги иштирокингиздан кўнгилингиз тўлдими?
– Очиғи, гарчи мусобақада шоҳсупага кўтарилган бўлсам ҳам, натижамдан тўла қониқмадим. Биз жамоамиз билан бу мусобақага катта тайёргарлик кўрган эдик ва унда фақат олтин медални ният қилиб қўйгандим. Мақсадим фақат чемпионлик бўлган. Аммо бу бронза медали келгуси стартлар олдидан ўзимга бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Жангларда йўл қўйган хатоларим устида ишлаб, янада катта иштиёқ билан шуғулланишда давом этаман.

– Чорак финалдаги мағлубиятдан кейин ва финал куни тарқалган хушхабардаги ҳисларингизни тасвирлаб бера оласизми? Ҳар икки ҳолатда ичингиздан нималар ўтди?
– Ҳозир айтганимдек, мақсадим фақат ғалаба қозониш бўлгани учун чорак финалдаги мағлубиятдан кейин кайфиятим жуда тушиб кетди. Мағлубият қаттиқ таъсир қилди. Аммо қисқа фурсат ичида ўзимни қўлга олдим, янги куч топиб, машғулотларни бошладим. Ҳали ҳаммаси олдиндалиги, бу мағлубият билан бари тўхтаб қолмаслигини англадим. Таслим бўлишга ҳаққим йўқ эди. Финал куни Элшод ака Расулов бронза медали билан тақдирланишим ҳақидаги хабарни айтганида бошида ишонмадим. Устозим мени мағлубиятга учратган боксчи дисквалификация қилингани, кечқурун тақдирлаш маросимида иштирок этишим кераклигини айтганларидан кейин барчаси бутунлай ўзгарди. Ҳақиқат барибир қарор топди. Бу ҳолатда катта ҳаяжон бўлмади.

– Қолган жамоадошларингизнинг иштироки ҳақида нима дея оласиз? Уларга нима етишмади?
– Барча қизларимиз мусобақада муносиб жанг қилишди ва улар ҳам шоҳсупага кўтарилишга лойиқ эдилар. Кимгадир тажриба, кимгадир омад етишмади. Барчамиз рингда ғалаба учун боримизни бердик. Айтганимдек, нафақат мен, балки барчамиз хатоларимиз устида ишлаб, кейинги мусобақаларга тайёрланишда давом этамиз. Жамоамиз ҳали ёш. Бир кун келиб, боксчи қизларимиз ҳам йигитларимиз каби жаҳонда пешқадам бўлишади.

– Бу йил ҳисобидан кейинги асосий старт ҳисобланган Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларидан нима кутяпсиз?
– Осиё ўйинлари мен учун янги мусобақа бўлади. Унда Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланмалар ўйналиш эҳтимоли бор. Шу боис барча спортчилар унга катта тайёргарлик билан келишади. Мақсадим сўнгги қитъа чемпионатида эришган ғалабамни такрорлаб, Осиё ўйинларида ҳам олтин қўлга киритиш.

Text to speech