Ру En O'z
25 Март 2023 1168

Хитой компанияси билан “Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

“CNSG SPORTS DEVELOPMENT CO., LTD” (Хитой) компаниясининг хорижий мамлакатлардаги қурилиш ишлари бўйича масъул вакили Сунь Бодонг ҳамда консультация-дизайнерлик бўлими раҳбари Чжан Бо Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюришди. Меҳмонларни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қарши олди. Шундан сўнг томонлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича музокара олиб борилди.

Компания мамлакатимиз яқин йилларда мезбонлик қиладиган йирик мусобақаларга биргаликда тайёргарлик кўриш бўйича ўз таклифларини илгари сурди. Шу боис “Тошкент-2025” IV ёзги Осиё ўйинларига тайёргарликда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учрашувларнинг бош мавзусига айланди. Меҳмонлар компаниянинг сўнгги йилларда қайси лойиҳаларда иштирок этгани хусусида батафсил маълумот беришди. Унга кўра, компания Хитойда сўнгги 15 йил ичида ўтган барча комплекс мусобақаларда қурилиш-монтаж, ташкилий ишлар, логистика, аутсорсинг каби йўналишларда фаол қатнашган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Хитой компанияси “Тошкент-2025” IV ёзги Осиё ўйинларининг Ташкилий қўмитаси учун турли йўналишлар, хусусан, мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматларини таклиф қилди. Ўз навбатида, Ойбек Касимов таклиф учун миннатдорчилик билдириб, Ўйинларга тайёргарлик жараёнида Хитой тажрибаси ўрганиб чиқилиши ва бунинг асосида Республика ҳукуматига таклиф киритилишини маълум қилди.

Text to speech