Ру En O'z
1 Май 2021 2990

Равшан Ирматов Қашқадарё сафарида жисмоний тарбия ва спорт тарғиботини кучайтириш бўйича йиғилиш ўтказди

Юртимизнинг чекка ҳудудлари ва қишлоқларида жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини янада жадаллаштириш ҳамда футболни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов раҳбарлигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда Қашқадарё вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси, вилоят футбол ассоциясияси ҳамда вилоятдаги спорт таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этишди. Йиғилиш Қашқадарё вилоятининг барча туманларида уюшмаган ва “темир дафтар”га киритилган ёшлар, меҳнат муҳожирлари (мигрант) ва ҳаваскорлар ўртасида спортнинг футбол ва мини-футбол тури буйича мусобақаларни ташкил этишга бағишланди.

Равшан Ирматов йиғилиш давомида вилоят Туризм ва спорт бошқармаси мутасаддиларига 16 спорт тури бўйича мусобақаларни тизимли ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш юзасидан бир қатор вазифаларни белгилаб берди.

Йиғилишдан сўнг, Р.Ирматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилояти Олимпия заҳиралари коллежи, вилоят Болалар-ўсмирлар футбол академияси (футбол маҳорат мактаби)да бўлиб, яқинда ушбу шаҳарда фойдаланишга топширилган бокс зали ва ушбу масканларда таҳсил олаётган ёш футболчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, муассасада шуғулланаётган ёш футболчиларга ҳамда фаолият юритаётган тренер ва соҳа мутахассисларига ўз тавсияларини бериб ўтди.

Шундан сўнг, ишчи гуруҳ аъзолари Қарши шаҳридаги “Геолог” марказий ўйингоҳида вилоятдаги футбол мактаблари, футбол академиялари тарбияланувчилари ҳамда “Насаф” ва “Севинч” профессионал футбол клубларининг таниқли футболчилари ва мураббийлари иштирокида ўтказилаётган фестивалга ташриф буюриб, келажагимиз эгалари бўлмиш ёш футболчилар билан давра суҳбатларини ўтказишди.

Таъкидлаш жоиз, ишчи гуруҳнинг ташрифи давом этади.

Text to speech