Ру En O'z
20 Март 2023 981

Таиландда V Атлетлар форуми ўтказилди

18-19 март кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида V Атлетлар форуми бўлиб ўтди. Олимпия бирдамлиги лойиҳаси асосида Осиё Олимпия кенгаши (ООК) томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Мазкур Форумни ўтказишдан мақсад Халқаро Олимпия қўмитаси, ООК ва унинг Атлетлар комиссияси, Миллий Олимпия қўмиталари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, минтақада Олимпия ҳаракатини кучайтиришдир.

Тадбир давомида олдинга қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ҳар бир МОҚнинг ўрни, унинг ХОҚ ҳамда ООК қошида тузилган Атлетлар комиссияси ўртасида боғловчи экани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу борада Халқаро чим устида хоккей федерацияси президенти, ООК Атлетлар комиссияси вице-президенти, ХОҚ аъзоси Дато Таяб Икрам ўз чиқишида батафсил гапириб ўтди. Шунингдек, у Ўзбекистон билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари муваффақиятли амалга оширилаётгани, мамлакатимизда чим устида хоккей ривожи жадал суратларда бораётгани, бунинг натижасида ушбу спорт туридаги эркаклар ва аёллар терма жамоаларимиз Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига йўлланма олгани ҳақида алоҳида таъкидлади. Мазкур ҳамкорлик ООК раҳбарияти ва тадбир қатнашчилари томонидан юқори баҳоланди.

Маълумки, ўтган йили мамлакатимизда ҳам 7 нафар профессионал спортчилардан иборат Атлетлар комиссияси ташкил этилган эди. Бу борада юртимизда ҳам спортчиларнинг манфаатлари, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга янада кенг имкониятлар яратиш, шунингдек, ООК ва Олимпия бирдамлиги кўмагида таълим дастурларида иштирок этиш борасидаги фаолиятини фаоллаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Text to speech