Ру En O'z
16 Март 2023 1052

“Наврўз сайли”да ёш спортчилар учун янги мажмуалар фойдаланишга топширилди

Бугун пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Наврўз сайли” ўтказилди. Кўтаринки руҳда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов, Адҳам Икрамов бошчилигидаги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги мутасаддилари, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосарлари Сакен Полатов ҳамда Шерзод Ташматов, Марказ раҳбарияти ва юзлаб ёш спортчиларимиз иштирок этишди.

Марказда Республикамиздаги вилоятларнинг урф-одатлари, турли анъаналари, тансиқ таомлари кўрсатиб берилди. Бу орқали ёш чемпионлар ва меҳмонлар мамлакатимизнинг бой маданий мероси, тарихий анъаналари билан яқиндан танишишди.

Яна бир аҳамиятли томони, байрам байрамга уланиб, Марказдаги қайта таъмирланган футбол майдони, янги қурилган камондан отиш мажмуаси бугун ўқувчилар ихтиёрига тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Тадбирнинг очилиш қисмида сўз олган расмийлар бу мажмуалар келгусида янги чемпионларни тарбиялаш йўлида хизмат қилишини, миллий урф-одатларимизни ўзида жам қилган бундай байрамлар юртимизнинг бой тарихини янада чуқур англашга ёрдам беришини алоҳида таъкидлашди.

Шунингдек, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш “эстафета”сини бошлаб берди.

“Наврўз сайли” шу тариқа ёрқин куй-қўшиқ ва рақслар, самимий суҳбат ва бадиий чиқишлар билан давом этди.

Text to speech