Ру En O'z
27 Ноябрь 2020 2586

Азизжон Камилов: «IJF билан кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилган»

Ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати билан юртимизда дзюдо мусобақалари рестарти амалга ошди. Катталар терма жамоамиз Будапештда ўтган «Катта Дубулға» турнирида иштирок этган бўлса, ёшларимиз (2000-2002 йилда туғилганлар) ўтган ҳафтада пойтахтимиздаги «Универсал» спорт мажмуасида жам бўлишди.

Таъкидлаш жоиз, мусобақа кўтаринки кайфиятда, муросасиз беллашувларга бой тарзда ўтди. Иштирокчиларнинг узоқ давом этган карантиндан кейин татамини соғиниб қолишгани уларнинг хатти-ҳаракати ва интилишларидан шундоққина сезилиб турди. Эътиборингизга мусобақаларнинг қайта бошланиши ҳамда истиқболдаги режалар хусусида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов билан ташкил қилинган суҳбатни ҳавола қиламиз.

– Азизжон Якубжанович, Будапештдаги мусобақадан сўнг юртимизда ҳам ниҳоят дзюдо рестарти амалга ошди. Ўзбекистон чемпионати муваффақиятли тарзда ўтди. Келинг, суҳбатимизни айни мавзу бўйича фикрларингиз билан бошласак.
 Биринчи галда шундай қийин вазиятга қарамай, Будапешт «Катта Дубулға» турнирини юқори савияда ташкил этган Венгрия ҳукумати ва мамлакат дзюдо федерацияси ҳамда Халқаро дзюдо федерацияси (IJF)га ўз ташаккуримни изҳор қиламан. Сафарда бўлганимизда, бу ҳақда уларнинг ўзларига ҳам айтдим. Ҳақиқатан ҳам, мусобақа ташкилий жиҳатдан кутилганидан аъло даражада ўтказилди. Рестарт дзюдо оиласи учун муваффақиятли чиқди десам янглишмайман. Энди албатта, карантин сабаб дзюдосиз ўтган саккиз ойлик танаффус ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Истаймизми йўқ, узоқ муддатли мусобақаларсиз давр натижаларда ўз аксини топди. Бу ҳолатда кескин фикр билдириш ҳам ноўриндек. Буни табиий жараён сифатида қабул қилиш керак, назаримда. -66 кг вазн тоифасида татамига чиққан Сардор Нуриллаев 5-ўрин ҳамда қимматли 360 рейтинг очкосини қўлга киритди. Қолган дзюдочиларимиз ҳам етиб борган босқичларига қараб маълум рейтинг очколарини ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди. Албатта, Илиас Илиадис бошчилигидаги мураббийлар штаби Венгриядаги турнирни чуқур таҳлил қилишди. Йўл қўйилган камчиликлар устида ишлашяпти. Ўз ўрнида биз Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда дзюдочиларимизнинг аввалги спорт формаларига қайтишлари учун бор имкониятни ишга соляпмиз. Шу мақсадда Тошкентда беш давлат – Миср, Грузия, Қирғизистон, Франция ва Ўзбекистон терма жамоалари иштирокида халқаро ўқув-машғулот йиғини ташкил этилди. Иштирокчи давлатлар Тошкентга ўзларнинг кучли таркиблари билан келишди. Олимпиада ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ҳамда совриндорлари иштирокидаги ушбу йиғин барча қатнашчилар учун фойдали бўлди деб ўйлайман.

– Будапешт турнири доирасида сиз IJF президенти Мариус Визер билан учрашдингиз. Суҳбат давомида қандай масалалар муҳокама қилинди?

– Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамда IJF ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Халқаро дзюдо федерациясининг «Мактабларда дзюдо» лойиҳаси юртимизда амалиётга татбиқ этилмоқда. IJF томонидан ушбу мактабларга татами ва киманолар етказиб берилмоқда. Ҳакамларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатлари, «Мастерс», «Катта Дубулға», Гран-при турнирларига таклиф этиляпти. Пойтахтимизда Гран-при турнири мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўтган йилги ушбу турнир илк бор муҳташам «Ҳумо Арена»да юқори савияда ташкил қилинди. Буни юртимизга ташриф буюрган мутахассислар, халқаро экспертлар ҳам эътироф этишди. Бунинг натижасида мамлакатимизга тарихда илк бор катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати мезбонлиги ишониб топширилди. Афсуски, пандемик вазият сабаб ушбу мусобақа 2021 йил ўтказилмайди. IJF президенти билан Будапештдаги учрашувимизда айни масала ҳам муҳокама қилинди. Жаноб Визер коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли Тошкентда ўтказилмай қолган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини 2022 йилга кўчириш таклифини берди. Ўйлайманки, биз ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан икки Олимпиада ўртасидаги йилнинг энг нуфузли мусобақасини юқори савияда ташкил этамиз. Шу ўринда яна бир кутилаётган янгиликни айтиб ўтмоқчиман. Бўлажак жаҳон чемпионати доирасида халқаро бизнес форум кўргазмасининг ўтказилиши режалаштирилмоқда. Дарвоқе, 2022 йилда Ўзбекистон дзюдосининг 80 йиллиги ҳам кенг нишонланади. Кўриб турганингиздек, режаларимиз улкан. Йил сўнггига қадар катталар ва ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатларини ўтказамиз. Насиб қилса, келгуси йилнинг январь ойида дзюдочиларимиз Қатарда ўтказиладиган янги мавсумнинг дастлабки мусобақасида иштирок этишади.

Text to speech