Ру En O'z
5 Декабрь 2022 1062

МОҚ вакиллари Саудия Арабистонида

Айни кунларда Саудия Арабистони пойтахтида Шарқий, Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Олимпия бирдамлиги ҳамда Осиё Олимпия кенгашининг минтақавий форуми бўлиб ўтмоқда. Унда Халқаро Олимпия қўмитаси Ўйинлар департаменти  директори Тошио Цурунага ва Осиё Олимпия Кенгаши Осиё ўйинлари Бош директори Ҳайдар Фармон бошчилигидаги мутахассислар, минтақа МОҚ вакиллари қатори Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ходимлари ҳам иштирок этишяпти. 

Форумда келаси йил Осиё қитъасида ўтадиган йирик комплекс мусобақаларга олиб борилаётган тайёргарлик, ҳар бир мезбон давлатнинг қонунларидан келиб чиққан ҳолда мусобақа ташкилий қўмитаси томонидан белгиланаётган талаблар хусусида батафсил маълумот берилмоқда. Қайд этиш жоиз, бизни 2023 йил йил 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида XIX ёзги Осиё ўйинлари, 17-26 ноябрь кунлари эса Таиланднинг Бангкок ҳамда Чонбури шаҳарларида Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари ва бошқа мусобақалар кутиб турибди. 

Тадбир давомида ҳар бир Ўйинларнинг ташкилий қўмитаси вакиллари мусобақалар ҳақидаги янги маълумотлар, регламентдаги ўзгаришлар бўйича батафсил ахборот бермоқдалар. Шунингдек, Форумда Париж-2024 XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси вакиллари учун ҳам алоҳида навбат берилди. Европалик мутахассислар унда онлайн иштирок этиб, ҳар бир делегация учун қўйилаётган талаблар ҳақида маълум қилишди.  

Кун тартибига мувофиқ, Форумда комплекс мусобақаларга тайёргарликдан ташқари минтақада Олимпия ҳаракати тарғиботини янада кучайтириш, атлетларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ташкилотнинг молиявий ҳисоб-китоблари бўйича ҳам маъруза қилинмоқда. Шунингдек, ҳамюртларимиз бўлажак мусобақаларга тайёргарлик юзасидан хорижлик ҳамкасблар билан тажриба алмашишмоқда.

Text to speech